“Биологик хавфсизлик ва биологик ҳимоя” мавзусидаги малака ошириш курслари бошланди
“Биологик хавфсизлик ва биологик ҳимоя” мавзусидаги малака ошириш курслари бошланди

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти учун биологик хавфсизлик масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва турли биологик таҳдидларга самарали жавоб бериш учун малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг билим ҳамда кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш биз учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Бугун пойтахтимизда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳалар хизматлари бошқармаси (UNOPS) ҳамкорлигида “Биологик хавфсизлик ва биологик ҳимоя” мавзусидаги малака ошириш курслари бошланди.
Тадбирни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази директори Ў.Шукуров очиб бериб, ҳозирги кунда биологик хавфлар ва юқумли касалликлар барча мамлакатлар учун жиддий масала ҳисобланиши, мазкур курс давомида олинган билим ва тажрибалар иштирокчиларга келгусида амалий фаолиятида мустаҳкам замин яратиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Беш кунлик малака ошириш курслари дунё стандартлари ва илғор тажрибалар асосида малака ошириш имкониятини яратиб, ҳудудлардан ташриф буюрган эпидемиологлар ва юқумли касалликлар билан ишлайдиган мутахассислар учун янги билим ва амалий кўникмалар манбаи бўлиб хизмат қилади.
22-26-сентябр кунлари ўтказиладиган малака ошириш курсларида Қўмитанинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бошқармаларининг мутахассислари иштирок этмоқда. Келгусида бу каби курсларда Санэпидқўмитанинг барча ҳудудий бошқармаларининг мутахассислари малака оширишлари режалаштирилган.
