← Янгиликлар

Нутрициологияда замонавий ёндашув

Нутрициологияда замонавий ёндашув

Бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири — нотўғри овқатланиш оқибатида келиб чиқадиган касалликлардир. Тўйиб овқатланмаслик, ёки аксинча — зарарли маҳсулотлар истеъмоли, овқатланиш ва жисмоний фаоллик ўртасидаги мутаносибликнинг бузилиши нафақат индивид, балки бутун жамиятнинг соғлиғига таҳдид солади.

Тошкент  давлат тиббиёт университетида ўтказилган “Нутрициологияда замонавий ёндашув” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманда бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Анжуман «Ўзбекистон Нутрициологлар ассоциацияси» ҳамда ТДТУ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти директори в.в.б. М.Хамракулова ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази бош мутахассиси И.Улукназаровалар ҳам иштирок этди. «Ўзбекистон Нутрициологлар ассоциацияси» раиси, профессор Гули Шайхова, профессор Феруза Азизова, профессор Қаҳрамон Хаитов очилиш сўзида соғлом турмуш тарзи, айниқса болалар ва ўсмирлар овқатланиш маданиятини шакллантиришда нутрициология фанининг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Халқаро миқёсдаги анжуманда Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни мамлакатлардан нуфузли олимлар иштирок этиб, онлайн платформада нутқ сўзлади. Жумладан, Қозоғистон Миллий тиббиёт университети профессорлари Майгул Қайнарбайева ва Аккумис Салханова, шунингдек, тожикистонлик профессор Солех Шарипов нутрициология соҳасидаги янги тадқиқотларга тўхталиб ўтди.

ТДТУ профессори, гигиена соҳаси бўйича йетук мутахассис Феруза Саломова мактаб ёшидаги болаларда овқатланиш мувозанати бузилиши орқали юзага келаётган саломатлик муаммолари ҳақида маълумот берди. Профессор Низом Ерматов ўз маърузасида Ўзбекистон аҳолиси овқатланишидаги реал муаммолар — меъёрдан ортиқ углевод ва кам овқатланиш, озиш ва камқонликкача бўлган ҳолатлар ҳақида сўз юритди.

Анжуманда нутрициологиянинг тиббиётнинг турли соҳалари — спорт, эндокринология, педиатрия, гериатрия ва касб касалликлари билан боғлиқ йўналишларига оид масалалар ҳам кўтарилди. Айнан миллий таомларни парҳезда қўллаш, биологик актив қўшимчаларнинг фойдаси ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигида халқаро ҲАССП тизимининг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

Анжуман иштирокчилари томонидан савол-жавоблар, таклиф ва хулосалар сўнгида соҳа ривожига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинди. Мазкур анжуман нафақат илмий-практик алмашинув, балки соғлом авлодни тарбиялашдаги янги ғоя ва таклифлар билан алоҳида аҳамият касб этди.