← Янгиликлар

Қорақалпоғистонда қутуришга қарши махсус тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув курси ўтказилмоқда

Ҳайвонлар тишлаши натижасида жабрланган инсонларга ўз вақтида ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш қутуриш касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан тиббиёт ҳамда санитария-эпидемиология ходимлари учун махсус антирабик ёрдам кўрсатиш бўйича сайёр малака ошириш курси ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 19–23 октябрь кунлари ўтказилаётган ўқув курсида ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган эпидемиолог шифокорлар, травматологлар, жарроҳлар ва ҳамширалар иштирок этмоқда. Машғулотлар давомида ҳайвонлар тишлаши натижасида жабрланган беморларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатларга тўғри ишлов бериш ҳамда махсус антирабик ёрдамни белгиланган тартибда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, антирабик вакцина ва иммуноглобулинлардан тўғри фойдаланиш, иммунобиологик препаратларни сақлашда совуқлик занжири талабларига риоя этиш, тиббий ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланмоқда.

Ўқув курсида ветеринария хизматлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Зеро, ҳайвонлар орасида қутуриш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли чораларни кўриш касалликнинг инсонларга юқиш хавфини камайтиришда муҳим ўрин тутади.

Мазкур малака ошириш курси тиббиёт ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини такомиллаштириш, аҳолига тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича профилактик ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

SanepidRC