← Янгиликлар

Марказ тингловчилари ўртасида “Она тилига эҳтиром” мавзусида Умуммиллий диктант ўтказилди

Марказ тингловчилари ўртасида “Она тилига эҳтиром” мавзусида Умуммиллий диктант ўтказилди

Ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш, она тилимизга ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, ёзма саводхонлик маданиятини ошириш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида “Умуммиллий диктант” лойиҳаси доирасида диктант ёзиш тадбири ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қўшма қарори асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсадлари ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва қизиқишни ошириш, давлат тилининг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, шунингдек, иштирокчиларнинг имло, пунктуация ва ёзма нутқ бўйича билим ҳамда кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Марказда лойиҳа доирасида Бактериология ва Гигиена йўналишларида таҳсил олаётган тингловчилар ўртасида “Она тилига эҳтиром” мавзусида диктант олинди. Тадбир тингловчиларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига риоя этиш, фикрни аниқ ва саводли ёзма тарзда ифодалаш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Диктант матнида она тилининг инсон ҳаётидаги ўрни, миллий қадриятлар ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни таъминлашдаги аҳамияти ёритилди. Унда она тилини асраш ҳар бир инсоннинг шарафли бурчи экани, тилга ҳурмат эса кундалик муомала, сўзларни ўринли қўллаш ва фикрни аниқ ифодалашдан бошланиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ҳар бир касб эгаси фаолиятида саводхонлик муҳим ўрин тутиши, айниқса, тиббиёт ва санитария-эпидемиология соҳасида аниқ, тушунарли ҳамда масъулият билан ёзилган фикр ва тавсиялар касбий фаолият самарадорлигига хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбир давомида тингловчилар ўзларининг имло ва пунктуация қоидаларига оид билимларини синовдан ўтказиш билан бирга, она тилимизнинг бойлиги ва жозибасини яна бир бор чуқур ҳис этдилар. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар тингловчиларда давлат тилига ҳурмат, ёзма саводхонлик ва нутқ маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Она тилига эҳтиром — миллий қадриятларга, тарихга ва келажак авлодга эҳтиромдир.