Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ўз фаолияти бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига бўйсунади.
Марказ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа расмий ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, шунингдек бошқа қонуний ҳужжатлар, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг буйруқ ва топшириқлари ҳамда Марказ Низоми асосида юритилади.
Марказда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳаси кадрларининг малакасини узлуксиз ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 4310-сон Қарори, 2020 йил 7 апрелдаги “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 4666-сон Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган “Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низом, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 160, 170, 202, 445 сонли буйруқлари асосида амалга оширилади;
Марказда тиббиёт ходимлари санитария-гигиена, эпидемиология, микробиология йўналишлари бўйича малака оширади ва қайта
тайёрловдан ўтади ҳамда малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббиёт ходимларига ўтилган ўқиш соатлари кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги сертификат берилади;
Марказ юридик шахс бўлиб, ўзига тегишли мулкни, кирим – чиқим ҳаражатларини, банкдаги ҳисоб – китобларни бошқариш ва ўз номи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси гербининг тасвири туширилган муҳрга эгалик қилиш ҳуқуқига эга.